Мактаб ва музей хамкорлиги

     Хива Ичан-Қалъа давлат музей қўриқхонаси “Хива хонлиги тарихи” бўлимида 17 – сон умумтаълим мактаби ўқувчиларига шу бўлим илмий ходимлари томонидан "Хива хонлиги тарихи" дан очиқ дарс ўтказилди. Очиқ дарс Хива хонлигини ташкил топишига бағишланди ва ўқувчиларга қуйидагилар хақида маълумотлар берилди.

     Хива хонлиги ХVI аср бошида ташкил қилиниб, унинг кейинчалик бу номни олишига пойтахт шаҳрининг Хива эканлиги сабаб бўлган. Шунинг учун расмий ҳужжат ва зарб қилинган тангаларда Хоразм номи ёзилса ҳам, мамлакат Хива хонлиги номини олган. Аҳолиси 800 минг киши бўлган бу мамлакат ҳудудлари Шимолда Орол денгизи, Шарқда кўчманчи қирғиз-қозоқлар, Шимоли-Шарқда Амударё оқими билан (дарёнинг орқасидаги қорақалпоқлар ҳам хонликка тобеь) чегараланган, Жануби-Шарқдаги Қорақум саҳроси Бухородан, Жануби – Ғарбий саҳро туркманлардан ажратиб турган.

     1616 йилда Араб Муҳаммадхон томонидан шаҳарда катта мадраса қурилиши, 1720 йилда қурилган Шерғозихон мадрасасининг “Маскани фозилон” (Олимлар уйи) деб ном олиши, ўтмишдаги Хоразмшоҳлар мамлакатининг анъаналари тиклана бораётганидан далолат беради. Ўзбекларнинг қўнғирот сулоласи ҳукмронлиги даврида (1804-1920 йй) хонлик иқтисоди ривожланиб, чегаралари мустаҳкамланган. Пойтахтда янги-янги қасрлар, кўплаб олий ўқув маскани-мадрасалар ва минораларнинг қурилиши шаҳарнинг чиройига-чирой қўшган.

     Давлат тепасида хон турган бу давлатнинг молия-солиқ бошқармасини меҳтар, қушбеги ва девонбеги бошқарган. Улар кейинги катта лавозимлар тўртта иноқ, ҳокимлар, уруғ бошлиқлари – оталиқ, қозоқ ва қорақалпоқларда бий, туркманларда кадхудолар эди. Ҳуқуқий ва диний ишлар бошқармаси Қози калон ва Шайх ул-ислом томонидан идора қилинган. Қози аскар ёки қози ўрду ҳарбий хизматдагиларнинг бош судъясидир. Иккинчи даражали диний-ҳуқуқий мансабдорларга муфтий (фатво берувчи) ва аъламлар (катта олим) кирган.

     Давлат бошқарувининг энг пастки ҳалқасини маҳалла оқсоқоллари ва раислар бошқарган. Улар давлат қонун-қоидаларини халққа етказган, ҳарбий хизматга навкарлар бериш, никоҳ ва тўй маросимларини, болаларнинг мактабга қатнашини назорат қилиш, аҳоли ҳисоб-китобини юргизиш каби ишларни амалга оширган. 1920 йилда Хива хонлиги тугатилган.

      Очиқ дарс давомида ўқувчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Шунингдек, улар бўлимдаги экспонатлар, уларнинг тарихи билан яқиндан танишдилар.