Ичон-Қалъа музей қўриқхонасида халқаро "Рақс сехри" фестивали давом қилмоқда

           Бугун Хива шаҳри “Ичан - Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали якуний гала - концерти ўтказилади. Мазкур фестивалда дунёнинг 20 га яқин мамлакатидан 100 дан ортиқ раққос ва раққосалар ҳамда Республикамизнинг деярли барча вилоятларидан рақс гуруҳлари иштирок этмоқда.

            Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур фестивалнинг очилиш маросими кеча, 15 сентябр куни Хива "Ичан қалъа" музей қўриқҳонасида бўлиб ўтди. Фестивалнинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов, Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Петр Ивашкевич хамда Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Гейдар Алиев номли маданият маркази раҳбари ўринбосари Зейналов Полад Мансур ўғли сўзга чиқдишди.

            Тантанали очилишидан сўнг, барча меҳмонлар ва иштирокчилар “Ичан-қалъа” музей-қўриқхонасининг "Ота дарвоза"сидан ичкарига ташриф буюришди. Турли давлатлар номланиши билан ўтган саф, Республиканинг ҳудудини намоён этувчи либослардаги раққосалари “Ичан-қалъа”да юриши барчани лол қолдирди. Ансамбль жамоаларининг чиқишлари сайёҳлар ва томошабинларни рақсга чорлаб, завқ бағишлади.

            Кун давомида Жума масжиди ҳудудида “Ўзбекистон Миллий рақс санъати” фотокўргазмаси намойиши, “Кўҳна арк” мажмуаси олди майдонида Хоразм миллий нонларининг тайёрланиш жараёни бўйича кўргазмали маҳорат дарслари, “Қутлуғ мурод иноқ” мадрасасида маҳаллий дорбозлар томошалари, “Ота дарвоза” олдидан бошлаб, умумий сайёҳлик йўналиши бўйлаб “Қўғирчоқлар араваси” театрлаштирилган саҳна томошалари тақдим этилди.

            Фестивал жараёнини ёритиб борувчи хорижий ОАВ вакиллари, "Рақс сеҳри" иштирокчилари, журналист ва блогерлар, Ёшлар иттифоқининг мобил гуруҳи, интернет, телевидения ва бошқа ОАВ вакиллари учун Хива шаҳридаги Маъмун академиясида Пресс-конференция ўтказилди.

            Кечга яқин “Муҳаммад Аминхон ”мадрасаси ички айвонида маҳаллий стилистлар томонидан “Full fashion look” “Соч турмаклари–гўзаллик сеҳри” шоу дастурлари намойиши бўлиб ўтди. Шундан сўнг эса Кўҳна арк майдонида “Рақс сеҳри” Халқаро фестивали танловига старт берилди ва иштирокчилар ўз маҳоратини саҳнада намойиш этишди.

            Фестивал танловида жами 25 та жамоа томонидан 50 дан ортиқ рақс чиқишлари тақдим этилди. Ҳар бир рақс гуруҳи бир неча бор саҳнага чиқишиб биринчи галда жамоавий, кейинги навбатда якка соло рақс ижро қилишди.

            Иштирокчиларнинг рақс ижро маҳоратини Голландия, Полша, Ҳиндистон, Нидерландия, Канада ва Ўзбекистон каби 6 та давлат вакилларидан тузилган ҳакамлар хайъати аъзолари кузатиб боришди.

            Иштирокчи рақс гуруҳлари орасида Грузиянинг "Рустави", Тожикистоннинг “Зебо”, Индонезиянинг “Nusantara”, Ҳиндистоннинг “Kalakriti”, Қозоғистоннинг "Номад" ва шу каби бошча мамлакатлардан ташриф буюрган рақс жамоалари ўз маҳоратини амалда кўрсатишди.

            Фестивал танловини томоша қилиш учун Кўҳна арк майдонига 1000 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий сайёҳлар тўпланишди.

            Бир неча соат давом этган танловнинг якуний натижалари бугун, 16 сентябр соат 20:00 да тантанали равишда эълон қилинади ва фестиваль иштирокчиларини тақдирлаш маросими ҳамда якуний галаконцерт дастури бўлиб ўтади.