9-май Хотира ва қадрлаш куни.

       Барча жойда бўлгани каби Хива “Ичан-Қалъа Давлат” музей қўриқхонасида ҳам Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан маънавий – маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

       Музей қўриқхонанинг Тош ҳовли, Феруз, Тасвирий санъат, Табиат, Мусиқа бўлимлари илмий ходимлари ҳамкорлигида “Мустақил Ўзбекистон: Озод ва обод Ватан” экспозициясида “Мардлар жасорати мангу яшайди” мавзусида сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли ва ёшлар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда иккинчи жаҳон урушида халқимиз кўрсатган мардлик, матонат ҳақида сўз борди. Ватан ҳимояси йўлида жангларда ҳалок бўлган элдошларимиз ёдга олинди.

        Шу куни музей ходимлари Хива тумани, Соёт қишлоғида яшовчи уруш ва мехнат фахрийси Самандар ота Худайберганов хонадонида бўлиб яқинлашиб келаётган байрам Хотира ва қадрлаш куни, Рамазон ойи ҳамда отахоннинг муборак юз ёшга тўлиши билан қизғин табриклаб совғалар топширишди. Мулоқот давомида Самандар ота уруш хотиралари ҳақида гапирар экан, дуога қўл очиб бугунги тинч-фаровон ҳаёт учун шукроналар айтиб эзгу тилаклар билдирди.

          1939-йил охирида армияга отланган Самандар Худайберганов ҳарбий хизматни тамомлаш арафасида уруш бошланган. Украинани, жумладан Қрим, Польша ва бошқа шахарларни душмандан озод қилиб жангларда жасорат кўрсатган. Қишлоғига ғалаба билан қайтган Самандар Худайберганов узоқ йиллар жамоа хўжалигида ҳисобчи бўлиб меҳнат қилган.

         Кўкрагини жангларда ва меҳнатда кўрсатган хизматлари эвазига орден-медаллар безаб турган отахон бугунги кунда фарзандлари, невара чеваралари, эл-юрт ардоғида.

          Она – юрт келажаги учун ҳалок бўлганлар асло унутилмайди. Уларнинг номлари қалбларимизда мангу яшайди.