Хивада Халқлар дўстлиги куни муносабатига бағишланган концерт.

МАНГУ БЎЛСИН ДЎСТЛИК, ҚАРДОШЛИК!

 Миллатлараро, мамлакатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик тинчлик  ҳамда тараққиётнинг  асосидир.
   30-июль--Халқаро Дўстлик куни мамлакатимизда кенг нишонланди. Шунингдек, муҳим сана муносабати  билан  республикамиз бўйлаб  Дўстлик ҳафталиги доирасида фестиваллар, маданий -маърифий тадбирлар давом этмоқда.
      Очиқ осмон остидаги музей шаҳар- "Ичан Қалъада" кенг жамоатчилик , шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайеҳлар иштирокида бўлиб ўтган Дўстлик фестивали  чинакам ҳамжиҳатлик, бирдамлик шодиёнасига айланди. Кўҳна  Арк  тарихий- меъморий  мажмуаси олдидаги майдонда барчага чексиз завқ бағишлаган фестивални Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари   Ботир Саидов табриклар, эзгу тилаклар билан очиб берди.
      Шундан сўнг вилоятдаги. рус, татар, қозоқ,  корейс  ва бошқа миллий марказлар қошидаги ижодий жамоалар ижросидаги куй-қўшиқ ва рақслар   барчага, айниқса, сайёҳларга қувонч , унутилмас таассуротлар бахш этди.
   Пойтахт Тошкентдан ташриф буюрган давлат академик симфоник оркестри ижросидаги тароналар ҳам олқишлар билан кутиб олинди.
      Меҳмонлар ва хорижий сайёҳлар меҳмондўстлик анъаналари ва қадриятларимизга  мос тарзда нон-туз  билан кутиб олиндилар, миллий таомлар тайёрлаш жараёнлари билан бевосита танишдилар.
    Фестивалда фаол қатнашган  жамоалар Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар
       Дилларни дилларга, элларни элларга боғловчи бундай фестиваллар миллатлараро тотувликни, ўзаро меҳр- муҳаббатни мустаҳкамлашга, айни пайтда  сайёҳларнинг  қадимий  шаҳарларимизга бўлган  қизиқиши  ва ташрифининг янада ошишига хизмат қилади.