Ичон-Қалъада халқаро лазги фестивали бошланди

     2022 йилнинг 25-30 апрель кунлари Хива шаҳри мезбонлик қилаётган «Лазги» халқаро рақс фестивалига 26 апрель куни старт берилди.

     Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган мазкур йирик тадбирнинг очилиши маросими «Ичан қалъа»нинг кўҳна Арк майдонида бўлиб ўтган. Фестиваль аввалида иштирокчиларга Президент Шавкат Мирзиёевнинг табриги ўқиб эшиттирилди. 

     Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг ОАВ вакилларига қайд этишича, фестивалда дунёнинг 30 та давлатидан 175 нафардан зиёд рақс санъати усталари, профессионал рақс жамоалари, санъатшунос олимлар, маданият соҳасининг таниқли намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрган.

      Фестиваль доирасида ўтказиладиган танловда 18 давлатдан 160 иштирокчи қатнашиши режалаштирилган. Танловни олтита турли давлатдан 6 нафар тажрибали, профессионал ҳакам баҳолаб боради. «Айни дамда илмий-амалий конференцияда иштирок этиш учун 11 давлатдан 13 нафар санъатшунос олимлар Хива шаҳрига етиб келган», — дейди Назарбеков.

   Очилиш маросимининг бадиий қисмида турли миллат ва халқларнинг ўзига хос куй-қўшиқлари янгради, жозибадор рақслари ижро этилди. Ўзбекистонлик таниқли санъаткорлар томонидан куйланган тароналар эса қатнашчиларни рақсга чорлади.

     2020 йил 29 сентябрда 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба«Лазги» халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида президент қарори эълон қилинган.

    Қарорга билан фестивални ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган бўлиб, унга кўра, «Лазги» рақс танлови 3 та номинация («Энг яхши яккахон рақс ижрочиси», «Энг яхши рақс жамоаси» ва «Энг яхши саҳналаштирилган рақс») бўйича баҳоланади. «Лазги» Хоразм рақси Ўзбекистон маданий меросининг элементи сифатида Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган. Бу ҳақдаги қарор 2019 йил 12 декабрь куни ЮНЕСКО нинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида қарор қабул қилинган.