İzlanishlar samarasi-yangi muzey ekspozitsiya.

 

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 майдаги "Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-261сонли  қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича "Ичан қалъа" давлат музей-қўриқхонасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Илмий-амалий изланишлар натижасида турли тарихий мавзуларда   кўплаб  янги бўлим ва экспозициялар ташкил этилмоқда, мавжудлари ноёб экспонатлар билан бойитилмоқда. Булардан ташқари тегишли ташкилотлар  билан ҳамкорликда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг кўнгилли дам олишлари, қадимий қалъа ҳақидаги таассуротларини бой ва завқли бўлиши учун турли маданий, маърифий тадбирлар, миллий томошалар намойиши ҳам ташкил этиб борилмоқда.

       Қутлуғ байрам-- Мустақилликнинг 31 йиллиги арафасида музей-қўриқхонадаги тарихий меъморий мажмуа--Тош ҳовли саройида  "Хон меҳмонхонаси" деб номланган ЯНГИ интерьер ташкил этилди. Музей ходимлари, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар иштирок этган унинг тантанали очилиш маросими Мустақиллик байрамига уланиб ўзига хос ўша шодиёнага айланди.

       Музей-қўриқхона директори Шокир Мадаминов йиғилганларни истиқлолимизнинг ўттиз бир йиллиги ҳамда янги интерьернинг очилиши билан  қизғин табриклади. Уни ташкил этишда фаоллик кўрсатган Ҳунармандчилик бўлими мудири Холбек Матёқубов ва илмий ходимларга ташаккур билдирди. Шунингдек, сўзга чиққан музей илмий котиби, тарихчи олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси  Комилжон Худойберганов, директор ўринбосари Лочин Матрасулов, музей фонди раҳбари Озод Каримов ва бошқалар эзгу тилаклар билдириб  янги интерьернинг  бой ўтмишимизни  акс эттиришдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлашди.

      Тадбир давомида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун  шу ернинг ўзида Хоразм вилоят қўғирчоқ театри ижодий жамоаси ва туман маданият бўлими қошидаги ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан  театрлашган томошалар  ҳамда куй-қўшиқлар, рақслар намойиш қилинди.

      Хон меҳмонхонаси интерьерини томоша қилган сайёҳлар  катта завқ ва таассуротга эга бўлишганини эътироф этишди .

      Изланишлар туфайли тарихий обида бағрида иш бошлаган музей маскани  Мустақиллик байрамига  ўзига хос тухфа бўлди.