Кўргазмаларимиз бойимоқда

“Дунёда биттаю – битта аёл қолса ҳам, заргарларга олам жаҳон иш топилади”.

Халқ мақоли.

            Ичон-Қалъа музей қўриқхонаси жамоаси карантин даврида хам илмий фаолиятини тухтатмади. Натижада  Хоразмнинг дурдона битиклари музейида “Хаттотлик санъати”, Тошҳовли саройида “Кулолчилик” ва “Хива узоқ ва яқин ўтмишда”, Хоразм мусиқа санъати музейида - Хожихон Болтаев кўргазмалари ташкил қилинди. Бугунги кунда Хоразм амалий санъат музейи янги кўргазма - Хоразм “Заргарлик ва Пичоқчилик” санъати кўргазмаси билан бойиди.

            Ўзбек халқ амалий санъатининг ҳар бир тури каби, заргарлик санъати ҳам ўзига хос хусусиятларга эга. Археологик топилмалардан маълумки, заргарлик санъати жуда қадимий ҳунар бўлган. XIII асрда Хоразмда учлари йўлбарс бошига ўхшатиб ишланган билакузуклар аёлларнинг серфарзандлигини билдирган, бола – чақаларни турли инс – жинслардан асровчи хомий ҳисобланган. Зеб – зийнат буюмлари кўпинча инсоннинг жамиятдаги мавқеини, нафис заргарлик буюмлари уста заргарларнинг юрак қўри билан яратилган мукаммал асар бўлиб, у ёки бу даврда яшаган халқларнинг бадиий нафосат ҳақидаги тушунчаларини белгилаб берган.

            Мусулмонларда феруза, марварид, зумрад ва бошқа тошли заргарлик буюмлари ниҳоятда қадрланган. Улар инсон учун фақат безак буюмлари бўлиб қолмай, балки соғлик учун ижобий таъсир этишига хам эътибор қаратилган: марварид инсон организмини мустаҳкамлайди, юракдаги тушкунлик ва изтиробни ҳайдайди, кўз қобилиятини оширади, инс-жинслардан сақлайди, оғиздаги қўланса хидларни йўқотади, ошқозондаги тошларни майдалайди. Абу Райхон Берунийнинг ёзишича, феруза ғалаба, бахт – саодат, тантана, омад, фаровонлик сифатини билдирувчи тошдир.

            Садаф Шарқда ҳам Европада ҳам юқори баҳоланган. Ундан тўғнағич, балдоқ, маржонлар, илма тугмалар ясалган. Уни қадимда ошиқлар маҳбубига совға қилган. Уни таққан кишини ажин ҳамда сепкиллардан асраган, зеҳнини равшан қилган, кишини бардам қилиб руҳиятини кўтарган.

            Ёқут вабони даф қилади, деган ақида ҳам бўлган. Ундан ойбалдоқ кўринишидаги исирға ва бошқа тақинчоқлар ясалган.

            Қадимда Хива, Бухоро, Самарқанд, Қўқон шаҳарлари XIX аср заргарлик санъатининг энг йирик марказлари ҳисобланган. Бу шаҳарларда хар бир хунармадчилик тури билан шуғилланадиган хунармандлар алохида махаллаларни ташкил қилган. Жумладан Хива шахрида хозиргача заргарлар маҳалласи сақланиб қолган. Тарихий манбаларга қараганда, Хивада 1860 йилда 12 та ва XX асрнинг бошида 60 та заргарлик дўконлари фаолият кўрсатган. Тош ва маъданларга - ўзига хос тилсим, муқаддас ва сеҳр жоду таъсирига эга маъданлар деб қарашган. Улар шифобахш ва бахт саодат, бойлик ва омад келтиради деган тасаввурлар деярли барча зеб – зийнат буюмларида ўз аксини топган.       

            Заргарлик буюмларининг чексиз хилма – хиллиги кишини ҳайратда қолдиради ва улар ўзига хос номланади. Хоразм амалий санъати бўлимидаги заргарлик экспозициясида: Бошга тахядузи, тумор, пешонага тангадузи, қулоққа зирак, чаккага бодомой, кўкракка тумор, шавкала, сочбоғ, бўйинга бўйин тумор, белга камар, пешхалта, калитбоғи, қўлга билакузук ва бошқалар жойлаштирилган. 

            Заргарлик зеб – зийнатлари билан безатилган бош кийими тўй либослари ичида энг асосий ҳисобланган ва у онадан қизига мерос қилиб берилган. Бошқа заргарлик буюмларида бўлгани сингари тахядузида ҳам турли рангдаги тош ва шишалар ишлатилади.      

            Ўз навбатида бошқа зеб – зийнат буюмлари сингари “сочбоғ” соч безак турларидан бири ҳисобланади. Бу безак қора ипдан эшилган бўлиб, аёллар сочларига тақиладиган заргарлик безаги, учлари попукдан 15 – 20 та чийратма ипдан иборат бўлиб, бу ипларга кумушдан қуйма қубба, қўнғироқча ҳамда найча шаклидаги яна бошқа тақинчоқлар тақилади. Манглай ва чаккага тақиладиган Хоразм зийнат буюмларидан манглайдузий, бодомой, осмадузиларнинг нақшлари устига рангли тошлар ва шишалардан доначалар қўйиб безатилади.

            Хоразм келинининг бошида очиқ жой қолмаган, манглай, иккала чакка, қулоқлар, бош орқасидан ҳаммаси тақинчоқлар тагида қолиб кетиб, «ёвуз рух» ларнинг йўли тўсиб қўйилади.      

            Шавкала - кўкрак безаги. У халкасимон сирға ёки уч – тўрт қат тузумли чакка балдоқларга маҳкамланган турли узунликдаги 3 маржондан ташкил топган. Шавкаланинг тилла ранг япроқларидан ва асл маржондан қилинган тузум занжирларидан тузилган маржоннинг ўртасида мураккаб кўринишдаги каттакон чиройли турунж жойлашган. Турунж тўқима сим гул ва тошлар, ислимий нақшлар билан безатилган. Шавкаладаги қизил майда - майда тошлар анор доначаларига қиёс қилиниб, серфарзандлик, бадавлатлик рамзий маъноларини англатади.  

          Тумор  махсус тақинчок бўлиб турли хил бўлган: бўйин тумор, кўкрак тумор, қўлтик тумор, булардан ташқари бош кийимга, чаккага, белга, елкага тақиладиган хиллари бўлган. Қадимдан туморларни тақиб юришдан мақсад ҳам безак ҳам рамзий маънода, уни таққан киши омадли, турли офат, бало қазолардан, ёмон кўздан сақлайдиган нарса деб тушунилган.

          Билак узук – билак безаги, олтин, кумуш ёки мисдан ясалади. У аёллар тақадиган заргарлик буюми бўлиб, унинг бодомча, япалоқ, илон боши, бакабош ва бошқа турлари бор. Бу Хоразм қуйма билак узукларида қадимийлик нишоналари яққол сезилади.

Хоразм амалий санъати музейидаги “Заргарлик” санъати экспозициясини томоша қилар экансиз, ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Бу ердаги бири биридан нафис, ноёб, нодир осори атиқалар шу қадар маънодор жилваланадики, гўё унинг бир жозибасига ўн жозиба қўшиб юборгандай бўлади.