Мармар тошдаги битиклар.

Жаҳон туризмининг марказларидан бири бўлмиш Хива қадимий мадрасаю миноралари билан дунёга машҳур. Ичан қалъадаги хашаматли мадрасалардан Сайид Ислом хўжа томонидан қурдирилган мадрасада Хоразм амалий санъати музей экспозицияси ташкил қилинган. Музей экспозициясида бири – биридан ахамиятли, ноёб осори атиқалар намойишга қўйилган. Жумладан,  араб ёзувли мармар тошда тарихий ахамиятга молик битиклар борлиги аниқланган.                       

Бу мармар тош 1912 йилда Сайид Исфандиёрхон томонидан Сайид Ислом хўжа бошчилигида қурдирилган мадрасага тегишли эканлигини унга битилган шеърий тарихдан билишимиз мумкин. Мирзабоши Комил Хоразмийнинг ўғли шоир, мусиқашунос, бастакор Муҳаммад Расулбой – Мирзо ёзган бу мисралар муҳркан уста Худойберган устод Муҳаммад Паноҳ Хоразмий томонидан мармар тошга ўйиб ёзилган. Тарих фанлари номзоди К. Худойберганов томонидан ўрганилган бу битиклар қуйидагича ўқилади:

 Шоҳи воло[1] қадр гардун[2] маснад[3] олиймақом,

Мазҳар[4] ҳилму ҳаё ва маъдани адлу низом.

Ҳокими мулки жаҳон манбаи жуду сахо,

Ҳомийи шаръи шарифу  сарафрозу некином.

Фоили кори[5] савоб Асфандиёрхон ким они,

Ҳақ таоло умри иқболини қилғай мустадом[6].

Очди адлининг баҳори эли кўнгли ғунчасин,

Хайр эҳсони била масрур[7] бордурлар давом.

Соқийи лутфи ҳамиша соғар[8] шафқат била,

Тутғусидур халқга ишрат майини субҳи шом[9].

Тоза Хивақда[10] минору мадраса ва дахмалар[11],

Нек соат ичра бунёд этди ул шоҳи иъзом.

 Паҳлавон наҳри [12] шимолидур оларнинг мавзеъи,

Неча зебу – зийнат  ила топмиш онлар интизом.

Ул бинонинг лойининг туфроғи бордур мушкдин,

Барча хишти келмиш они гавҳару лаълу дурри хом

Қирқ ҳужра бирла масжид олти шоҳий дахмадур,

Топибон тақсим ул олий бино бўлди тамом.

Олти дахма соҳиби авлод ила аҳфодидур[13],

Шоҳдин ўлмишдур оларнинг барчасига изни ом.

Масжиди бордур беҳишт аҳлини кўнглидек фароҳ,

Тоқи мажроси тавсифида қосир ақли том[14].

Ҳар равоқидур онинг бошдин оёқ ислимкор[15],

Ҳар бири бир навъ зийнат бирла топмиш иҳтитом[16]

Бордурур орқа равоқи ичра шоҳнинг дахмаси,

Шоҳнинг қурбида[17] олмишдур ўрин садри киром[18]

Мадрасаси бордурур ондоқ онинг мислини,

Кўрган эмас бу замонга тегру[19] ҳеч аҳли аном[20].

Ҳужрасидур хушҳаво ва саҳнидур онинг васъе[21],

Пештоқи ва равоқининг[22] юзи ойинафом[23].

Орзу қилмас беҳишти жовидоннинг[24] қасрини,

Ҳар киши бир ҳужрасини ўзига қилса мақом[25].

Чарх[26] ила ҳамсар[27] эрур икки миноранинг боши,

Лавни[28] ва  ислимига ҳайрондурурлар хосу ом.

Ул бинони жаҳд этиб биткаргали маъмур[29] эрур,

Садри[30] Акбар Саййид[31] Ислом Хўжа[32] зулэҳтиром.

Бордурур ул ҳазрат Саййид отанинг наслидин,

Саъйи вофир айлар ул шоҳ хизматига субҳи шом.

Ҳазрати  шоҳға тоғалик нисбати бордур онинг,

Ҳам вазиру некхоҳ ва ҳам анисидур мудом.

Кордон меъморларнинг жам айлаб барчасин,

Симу-зар сарф айлабон биткарди они вассалом.

Хайр – эҳсонини  мақбул айлабон ул шоҳни,

Барча мақсудини ҳосил қилғай ҳаййул инъом.

Деди пири ақл Мирзоға[33]  таърихини,

«Дахмаи олий шоҳи бокамолу нек ном»[34].

Алфақирул ҳақир, ҳоксор, зарравор, билғубор осор,

муҳркан, тўбрез, соатсоз.

Худойберган девон ибн устод Муҳаммад Паноҳ,

Хоразмий ғаффороллоҳу зунуба[35].

Эътиборсиз заррадек, ғуборли асар, муҳркон (Муҳр ўювчи), тўп қуювчи, соатсоз Худойберган устод Муҳаммад Паноҳ Хоразмий ўғли оллоҳ унинг гуноҳларини кечирсин.

 

Кейинчалик йиқитиб юборилган, бизгача етиб келмаган бу мадраса шаҳардан оқиб ўтадиган Полвон ёпнинг шимолида, Тоза Хивақ маҳалласида жойлашган. Тарихий манбада ёзилишича, мадраса 40 ҳужрали, икки минора ва масжид, 6 та дахмали, ислимий нақшлар билан безатилган бўлган. Мармар   тош бизга тарихдан хикоя қилиши билан нақадар ноёб бўлса, ундаги ёзувларнинг текис ва равонлиги, бир хил чуқурликда ўйиб ёзилганлиги, атрофидаги нақшларининг бетакрорлиги билан янада муҳим ахамиятга эга. Бу дурдона асар ота – боболаримиз ўз ишининг устаси бўлганлигининг яққол исботидир.       

Хоразм амалий санъати бўлими илмий ходими Майлиева Ш.

 

[1] воло -улуғ

[2] гардун -юксак

[3] маснад -мансаб

[4] Мазҳар -келиб чиқиши

[5] Фоили кори -қиладиган иши

[6] мустадом -доимий

[7] масрур -хурсанд, шод

[8] соғар -май қадаҳи

[9] субҳи шом -кеча-кундуз

[10] Тоза Хивақ-эски шаҳарнинг шимолида барпо қилинган янги маҳалла

[11] дахма-ер остидаги сағана, қабр. Қўй қирилган қалъа. 237-бет.

[12] Паҳлавон наҳри -Хива шаҳрининг шимолидан оқиб ўтадиган ариқ

[13] аҳфоди-набиралар

[14] тоқининг тарновлари таърифига ақллари етмайди

[15] ислимкор -нақшли

[16] иҳтитом -битказилган

[17] қурбида -яқинида

[18] садри киром -улуғлик

[19] тегру -унга қадар, ўшангача

[20] аном -кишилар, ҳалқ

[21] васъе -кенг

[22] равоқ- бино ичида ёки олдида ярим айлана қилиб ишланган жой.

[23] ойинафом -Ойнадек ялтираган

[24] жовидон-абадий жаннат

[25] мақом -жой, ўрин

[26] Чарх -осмон

[27] ҳамсар -тенг, баравар

[28] Лавни -ранги

[29] маъмур -буюрилган киши, раҳбар

[30] Садри -улуғ мартабали

[31] Саййид -пайғамбар авлоди

[32] Ислом Хўжа -(1870 –1913й) Хонқа қалъасининг Ҳокими. 1898-1913 йилларда хоннинг бош Вазири, маърифатпарвар, ислоҳотчи давлат арбоби.

[33] Мирзо -Комил Хоразмийнинг ўғли Муҳаммад Расулбойнинг адабий тахаллуси. Таржимон, шоир, музикашунос  ва бастакор. Хоразм мусика нотасини  яратган ислоҳотчи. 1899-1910 йилларда мирзабоши. Битта девон  тузган, бир неча асарни форс ва араб тилидан таржима қилган. 1912 йилда 83 ёшида вафот этган.

[34] Ушбу мисрага таърих яширинган бўлиб, ундан ҳижрий 1331, эрамизнинг 1912 йили топилади.

[35] Эътиборсиз заррадек, ғуборли асар, муҳркон (Муҳр ўювчи), тўп қуювчи, соатсоз Худойберган устод Муҳаммад Паноҳ Хоразмий ўғли оллоҳ унинг гуноҳларини кечирсин.