Мунис Хоразмий – мироб, хаттот, шоир ва тарихчи.

       XIX аср бошларида Хива хонлиги тарихида ўчмас из қолдирган буюк инсонлардан бири – Шермуҳаммад ибн Авазбий мироб ўғли Мунис эди. 1778 йилда Хива шаҳри яқинидаги Қиёт қишлоғида мироб оиласида таваллуд топган адиб: “Мен, Мунис, Хивада яшовчи юз тоифасидан бўлган Амир Эшимбийнинг авлодидандирман”, - деб ёзганди.
       Унинг болалик ва ёшлик йиллари Қиёт қишлоғида ўтди ва улғайгач, мадрасада таҳсил олди. Араб, форс, туркий халқлар адабиёти, шунингдек мумтоз мусиқа ҳамда тарих фанини қунт билан ўрганди. У моҳир ҳаттот бўлиб кўфий, райҳоний, хатти шикаста каби хатларни яхши билган. Унинг отаси Авазбий 1800 йилда вафот этгач, хон 22 яшар Шермуҳаммадни саройга таклиф қилади, уни қазув, қачув, (сув хўжалиги) ишлари бўйича котиб, 1812 йилда амакиси Эрниёзбек (Огаҳийни отаси) мироб ўлиб, хон Мунисни мамлакатни бош мироби қилиб тайинлайди. Шеърият оламида унинг тахаллуси Мунис бўлиб, луғавий маъноси “улфат”, “ҳамдам”, “дўст” демакдир. Низомийдан тортиб, то ўзи яшаган даврга қадар ўтган сўз санъаткорларининг ижоди билан ошно бўлган шоир, ўзининг “Манга” радифли ғазалида Низомий, Хисрав Деҳлавий ижодидан нақадар лаззатланганлигини, Ҳофиз Шерозий, Лутфий асарлари орқали шеърият бўстонига қадам қўйганини, Фирдавсийнинг ижод боғида ором олганини, Анварийдан нур эмиб, Саъдий ва Жомийдан чексиз баҳраманд бўлганини, Бедилнинг ажойиб сўзларидан файз топиб, ниҳоят буюк Алишер Навоий ва Муҳаммад Фузулийни ўзига ҳомий билганини зўр мамнуният билан қайд қилади.
Қилса ҳосид даҳли бежо сўз аро йўқтур ғамим,
Ким бу маънида Навоий руҳи ҳомийдур манга.
Мунис тез орада эл-юрт ҳамда Хива ҳукмдори Аваз иноқ назарига тушади. 1804 йилда ижоди намуналарини “Мунис ул-ушшоқ” (“Ошиқлар дўсти”) деган ном билан тўплаб, уни 1813 йилда 16 892 мисрадан иборат катта девонга айлантиради. Ушбу асарда шоирнинг ғазаллари, мухаммаслари, рубоийлари, мустазодлари, туюқлари, тўртлик ва махсус иккилик байтлари мавжуд бўлиб, булардан ташқари девон охирига шоирнинг 1804 йилда назм билан ёзиб тамомланган каллиграфияга оид “Саводи таълим” номли асари ҳам илова қилинган. Ушбу кичик рисолада чиройли хат ёзиш усуллари баён қилинган. Рисола икки қисмдан иборат. Асарнинг биринчи қисмида хат машқ қилишга тайёргарлик ва бу иш учун керакли асбоблар тўғрисида сўз юритилади. Иккинчи қисмида эса, хат машқи ва унинг усули ҳақида амалий йўл билан таълим берилади. Шоир ўзининг ушбу рисоласи бошида кишилик жамиятида ёзувнинг катта аҳамиятга эга эканини қайд қилиб, шундай баён қилади:
Сўз маҳзанининг нишонаси ҳам,
Маъни дурининг хазонаси ҳам,
Ҳар сўзки, кўнгулдин ўлди мавжуд,
Хат бўлмаса бўлғай эрди нобуд.
1829 йилги Оллоқулихоннинг ҳарбий юриши вақтида вабо касаллигига чалиниб, Аҳал-Така воҳасида дунёдан ўтган. Жасади Хивага келтирилиб, Эски Қиёт қишлоғидаги Мавлонбобо қабристонида махсус барпо этилган мақбарага дафн қилинган.
Муниснинг шеърлар девони ўзи ҳаёт чоғида ва ўзидан кейин ҳам хивалик ҳаттотлар томонидан бир неча бор кўчирилган. Шу билан бирга 1875 йилда Хива тошбосмасида “Саводи таълим” рисоласи билан бирга босилган.
Ҳозирги вақтда мақбараси авлодлар томонидан эъзозланиб  қайта-қайта таъмирлаб келинади.


З.Мейлиева - “Хоразмнинг дурдона
 битиклари” бўлими мудири.