Муштарак мақсадлар йўлида

Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан нафақат иқтисодий, сиёсий, балки маданий-маърифий ва бошқа соҳалардаги алоқалари ҳамда ҳамкорлиги йил сайин мустаҳкамланмоқда.

Мамлакатимизда илм-фан, маданият соҳасида ўзказилаётган халқаро анжуманлар, шунингдек, Мақом санъатига бағишланган ҳамда “Рақс сеҳри” фестиваллари ва бошқалар бунга яққол мисол бўла олади.

Ўз навбатида мамлакатимиз илм-фан вакиллари ва маданиятимиз намояндалари- олимлар, мутахассислар ҳам чет давлатларда ўтказилаётган турли мавзулардаги халқаро анжуманлар, симфозиумларда фаол қатнашмоқдалар. Яқинда махсус таклифга мувофиқ Хива “Ичан қалъа” давлат музей қўриқхонаси илмий котиби, тарих фанлари номзоди Комилжон Худойберганов хорижий тадқиқотлар Токио университети ҳамда Япония жамғармаси ташаббуси билан “Марказий Осиё тарихи ва маданияти”га бағишлаб ўтказилган халқаро симфозиумда иштироқ этиб қайтди.

Тарихчи олим билан суҳбатимиз сафар таассуротлари, анжумандан кўзланган мақсад ва келгуси режалар ҳақида бўлди.

-Бу галги Японияда ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда Ўзбекистондан қатнашган ягона вакил экансиз. Айтинг-чи, бу алоқалар қачон бошланган?

-Аввало шуни айтиш керакки, мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги даврда нафақат ер юзи сайёҳлари, балки дунё олимларининг ҳам юртимиз, шу қаторда Хоразм тарихига бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Зеро, бу дунё илм-фани, маданиятига тамаддун тоши қўйилган замин. Япониялик тарихшунослар билан ҳамкорлигимизга келсак бу алоқалар бундан йигирма йилча аввал бошланган эди. Музей қўриқхонамиз, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти ва Япониялик олимлар билан ҳамкорликда Хива хонлиги даври қози ҳужжатларини ўрганиш соҳасида илмий-ижодий ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бунинг натижасида бир нечта китоблар нашр этилди. Т.Хорикава унинг шогирди К Исогай каби таниқли япон олимлари қадимий шаҳар Хивага бир неча бор ташриф буюришган, биз ҳам кунчиқар мамлакатида бўлганмиз.

-Анжуман тафсилотларига ҳам тўхталсангиз.

-Шу йил 13-15 январь кунлари бўлиб ўтган халқаро симфозиумда Ўзбекистондан ташқари, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистондан ҳам вакиллар иштироқ этишди. Анжуманда илмий маърузалар тингланди. Ўзаро тажриба алмашувлар бўлди, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мен анжуманда “Хива очиқ осмон остидаги музей шаҳар” мавзуида маъруза қилиш билан бирга тарихий шаҳар ва бугунги кунда ўтмишни ўрганиш ҳамда туризмни ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар акс эттирилган видеофильмни намойиш этганим иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Минами Хироши, Коматсу Хисао сингари таниқли олимлар бу ҳақда ижобий фикрлар билдиришди.

-Сафар давомида қандай ғоялар, режалар туғилди?

-Симфозиумдан ташқари биз Токиодаги машҳур музейларни ҳам томоша қилдик. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси вакиллари билан, мутахассислар билан суҳбатлашдик.

Мақсадларимиз муштарак. Энг, аввало тарихни чуқур ўрганиш. Қолаверса, музейлар экспонатлари намойиши орқали уни ёшларга ўргатиш. Энг муҳими туризм салоҳиятини ошириш. Шу эзгу мақсадлар йўлида япониялик олимлар, мутахассислар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдик.

Профессор Минами сенсеи бошчилигида музейшунослик соҳаси бўйича режалар белгилаб олдик. Ҳамкорлик асосида Ичан Қалъа музей қўриқхонасидаги меъморий обидалар ва экспозицияларда экспонатларнинг сақланиши, ҳудудда яшаётган аҳолининг бу ёдгорликларни асраб авайлашдаги иштирокини ташкил этиш ва бошқалар бўйича режалар белгиланди. Япониядаги музейларни томоша қилиб бир нарсага амин бўлдимки, экспонатларни фақат ноёб тарих гувоҳи сифатида кўрсатибгина қолмасдан уларни қадимги давр билан боғлиқ тарихий воқеалар акс этган манзаралар шоу-румлар орқали намойиш этиш сайёҳларда алоҳида қизиқиш уйғотар экан. Бу нарсани давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Хоразмга, шу жумладан Хивага ташрифи чоғида алоҳида таъкидлаб, қимматли тавсия ва таклифларини билдирган эдилар. Чунки, булар қадимий шаҳарга келаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини янада ошишига хизмат қилади.

Ташрифимиз чоғидаги мулоқотлар жараёнида японияликларнинг Ўзбекистонга, жумладан Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларга қизиқишлари катта эканлигига яна бир бор амин бўлдик.

Мисол учун япониялик санъаткор раққоса Матсумото Михо Ўзбекистоннинг япониядаги элчихонаси вакили Сирож Азизов ва мен билан ўзбек тилида гаплашар экан, Хива шаҳрида ўтадиган анъанавий “Рақс сеҳри” халқаро фестивалида иштирок этиш орзуси борлигини алоҳида таъкидлади.

“Таклиф этинглар, албатта ҳамкасбларимиз билан борамиз. “Ўзбегим” номли куйга рақсга тушиш истагимиз бор” - деди, у ҳаяжон билан.

Хуллас, халқаро симфозиум натижалари ва маданият, санъат соҳасидаги бу алоқалар, ҳамкорликлар халқлар, миллатлар ўртасидаги дўстликни, ҳамжиҳатликни, энг муҳими тинчликни, тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.

                                                          Суҳбатдош: Отабек ИСМОИЛОВ,  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.