Музей ва ОАВ хамкорлиги

     18-апрель куни Тошкент шаҳридан республикамиздаги таниқли оммавий ахборот воситаларининг ходимларидан иборат делегация Хива шаҳрига, Ичан қалъага ташриф буюришди. Меҳмонлар Ота дарвоза олдида тантанали равишда кутиб олинди.
    Шундан сўнг журналистлар ва блогерлардан иборат меҳмонлар музей-қўриқхона бўйлаб саёҳат давомида музей кўргазмаларини томоша қилдилар. Кўҳна Арк мажмуасида вилоят қўғирчоқ театри актёрлари томонидан "Хон қабули"  театрлашган саҳна томошаси намойиш этилди.
       Шундан сўнг меҳмонлар Кўҳна Арк майдонида Хоразм миллий нон ва таомлари тайёрлаш жараёнлари билан бевосита танишиш баробарида хорижий сайёҳлар билан ҳам мулоқотда бўлишди. Шунингдек, амалий санъат намуналари, гиламдўзлик, дўппидўзлик  миллий  кийимлар тайёрлаш билан шуғулланувчи ҳунармандлар  ишлари билан танишув ва улар билан суҳбатлар барчаларида катта таассурот қолдирди.
 Меҳмонлар Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳида ҳам бўлишди.
     Тушдан кейин меҳмонлар Нуруллабой саройида бўлиб тарихий меъморий мажмуа ва у ерда ташкил этилган экспозициялар билан яқиндан танишдилар.
      -Тарихий шаҳарга сафар барча ҳамкасбларимизда катта таассурот қолдириш билан бирга чексиз завқ бағишлади - деди Республика маданий мерос агентлиги матбуот котиби Моҳинур Имомова. - Тарихий ёдгорликларни сақлаш, таъмирлаш, шунингдек, музей-қўриқхона фаолиятини янада яхшилаш борасида кейинги даврда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилганлигининг гувоҳи бўлдик. Ташрифдан кўзланган мақсад ҳам сайёҳликни ривожлантириш бўйича амалга ошилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, уларни маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш, шу орқали мамлакатимизда сайёхлик соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат.
     Журналист ва блогерларнинг вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидаги сайёҳлик йўналишларига  ҳам  ташрифи режалаштирилган.