Музейлар –тарих кўзгуси

     «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси фондида тарихимизнинг турли даврларига оид ноёб осори-атиқалар қатори кўплаб нодир кўлёзмалар ҳам сақланмоқда. Улар орасида қозихатлар, хонлик фармонлари ва бошқа ҳужжатлар қатори шеърий ҳамда насрий китоблар ҳам мавжуд. «Пайрави Феруз шоҳи мажмуа - шуаро» номли араб алифбосида битилган шеърий тўплам ана шундай адабий мерос намуналаридан биридир. Баёзда шоҳ ва шоир Муҳаммад Раҳимхон II - Феруз ҳукмронлиги даврида Хоразмда яшаб ижод этган 190 дан зиёд  шоирнинг пайрав усулида ёзган ғазал, маснавий, мухаммас ва бошқа жанрдаги назмий асарлари жамланган.
      Маълумки, XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида Муҳаммад Раҳимхон соний раҳнамолигида Хоразм адабий муҳитида, шунингдек, санъат соҳасида фаоллик юзага келган, ижобий ўзгаришларга эришилган. Тўплам  ҳам ана шу адабий  муҳитнинг мевасидир.
    «Пайрави Феруз  шоҳи  мажмуа-ш  шуаро»нинг нафақат қўлёзма, балки Хива литографиясида чоп этилган тошбосма нусхаси ҳам мавжуд - дейди баёз бўйича излшанишлар олиб бораётган музей-қўриқхона илмий ходими Жасурбек Полванов. Тўпламга, ўз даврининг таниқли шоирлари Чокар, Баёний, Пур Комил, Мирзо, Ғулом, Оқил, Шиносий ва бошқа кўплаб шоирларнинг шеърлари жамланган. 
       Китобнинг тошбосма ва қўлёзма нусхаларини адабиётшунос олимлар ҳамкорлигида таққослаб ўрганган ҳолда келгусида нашр этиш ҳам ният қилинган.
       Бошланган хайрли ишлар, изланишлар тарихимизни ва аждодларимиз меросини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.