ТАРИХИЙ МАВЗУДА АНЖУМАН

     Ўзбек ва қозоқ халқлари азал-азалдан қардош ва аҳилликда яшаб келишмоқда. Кейинги йилларда бу дўстлик янада мустаҳкамланмоқда. Бунинг исботини маданий, маърифий соҳаларда ҳам яққол кузатиш мумкин.
     Шу йил 25-март куни Хива шаҳрида “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасида “Қўнғирот уруғининг машҳур вакиллари” мавзусида халқаро илмий амалий конференция бўлиб ўтди. Қозоғистоннинг “Нағынай би” фонди ва “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу халқаро анжуманда тарихчи олимлар, адабиётшунослар, санъатшунослар, музей илмий ходимлари, сайёҳлар вакиллари иштирок этишди.
     Илмий – амалий анжуманни Қозоғистон Республикаси “Нағынай би” фонди президенти Сиздиқ Қанжигит Сиздиқули кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси директори Шокир Мадаминов қозоғистонлик меҳмонларни қизғин қутлаб, анжуман ишига муваффақиятлар тилади.
     Анжуман давомида қозоғистонлик тарихшунос олим ва профессорлар Женис Жомард, Асфандиёр Ўмирбеков, Шайзинда Жанадилов, Нукусдаги Савицский номидаги давлат санъат музейи директори ўринбосари Октябр Доспанов, тарих фанлари номзоди, “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси илмий котиби Комилжон Худайберганов ва бошқаларнинг маърузалари тингланди.
     Анжуманда элдошларимизга, жумладан Хива шаҳар ҳокими Темур Давлетовга қозоғистонликлар томонидан “OG`YZ HAN”  кўкрак нишони топширилди.
Қозоғистонлик меҳмонлар музей-шаҳардаги тарихий обидалар, қозоқ алломалари таҳсил олган Шерғозихон мадрассасида жойлашган экпозициялар билан яқиндан танишдилар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилдилар.
     Меҳмонларга санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш қилинди.
     Ҳалқаро анжуман ўзбек-қозоқ халқлари дўстлигининг яна бир ифодаси бўлди.