Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан мамлакатимизга ташриф буйурди.
28-июль куни Туркиялик нуфузли меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамроҳлигида Хоразм вилоятига, шунингдек , Хива шаҳрига ташриф буюришди.
Очиқ осмон остидаги музей шаҳар Ичон-Қалъада меҳмонлар тантанали равишда кутиб олинди. Ота дарвозадан эртакнамо шаҳарга кираверишда меҳмонлар йўл-йўлакай вилоят қўғирчоқ театри жамоаси , шаҳар ва туман маданият бўлимлари қошидаги ижодий жамоалар ижросидаги куй- қўшиқлар ва миллий рақслардан, кўнгилочар томошалардан баҳраманд бўлишди.
Шундан сўнг делегация аъзолари тарихий-меъморий мажмуа--Кўҳна аркда бўлиб музей экспозициялари билан танишдилар.
Вилоят қўғирчоқ театри актёрлари томонидан бу ерда намойиш этилган " Хон қабули" деб номланган саҳна томошаси айниқса меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Арк олдидаги майдонда меҳмонлар нон-туз, миллий таомлар билан сийланди.
Туркиялик меҳмонлар шунингдек, Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳида ҳам бўлдилар.
Жума мачити ва бошқа тарихий обидалар билан танишув орқали меҳмонлар
чексиз завқ ва унутилмас таассуротларга эга бўлишди.
ТУРКИЯЛИК МЕХМОНЛАР ЎЗ ТАШРИФИ БИЛАН ЯНА ХИВАДА