ХОРИЖЛИК МУТАХАССИСЛАР МУЗЕЙ-ШАҲАРДА

  
    "Шаҳрисабз тарихий маркази"регенерация лойиҳасини ишлаш ҳамда ЮНЕСКО  умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларнинг сақланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга келган Франция шаҳарсозлик институти мутахассислари Хоразм вилоятига, шу жумладан Хива шаҳрига ташриф  буюришди. 
   Эрик Хойбрехтс бошчилигидаги франциялик мутахассис ва экспертлар билан "Ичан қалъа" давлат музей-қўриқхонаси ва маданий мерос агентлиги вилоят бўлими мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган илмий-амалий анжуманда ҳам  тарихий обидаларни асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
    Меҳмонлар шаҳар бўйлаб саёҳат давомида тарихий ёдгорликлар, шунингдек, музей-шаҳар ҳудудида истиқомат қилаётган маҳаллий аҳоли анъанавий уй-жойлари,  уларда қўлланилган қурилиш ва шаҳарсозлик услублари ва сақланиши билан яқиндан танишдилар.
   Мутахасислар куннинг иккинчи ярмида “Ичан-Қалъа” давлат  музей – қўриқхонасида Республика миқёсида онлайн тартибда ўтказилган илмий-амалий конференцияда иштирок қилишди. Унда Э.Хойбрехтс бошчилигидаги франциялик  мутахассис ва экспертлар П.М.Трикко, Х.Опигез, Л.Гови , К.Иаманди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт  Вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос агентлиги директори Ш.Нуруллаев раҳбарлигида мамлакатимизнинг Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва бошқа вилоятларидан мутахассислар иштирок этишди.
      Ўзаро  фикр –мулоҳаза ва тажриба алмашинувлар давомида хорижлик  меҳмонлар маданий мерос обидаларини асраш ва улардан фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини билдирдилар.