ШОИРА ЁДИ

       Шу йил 23- апрель--Хотира ва Қадрлаш куни арафасида шаҳардаги 17 –сон айрим фанларга ихтисослашган давлат умумтаълим  мактабида шоира Улибиби Отаева хотирасига  бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими  билан ҳамкорликда, уюшма аъзоси, “Ичан-Қалъа” давлат музей – қўриқхонаси матбуот котиби О.Исмоилов ва мактаб жамоаси  томонидан ташкил  этилган кечада вилоятимизнинг таниқли ижодкорлари ҳам иштирок этдилар.
       Улибиби Отаева 1948 йил 22 апрелда Хива шаҳрида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тамомлагач “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятида фаолият кўрсатди. Касаллик туфайли 1996 йилда вафот этган.
      У.Отаеванинг “Нашида,” “Бармоқлар сеҳри,” “Замин дарғаси,” “Шукрона” шеърий тўпламларидан  жой олган шеърлари мухлислар томонидан  севиб ўқилмоқда. У публицист, адабиётшунос сифатида хам ёрқин из қолдирди.
     Адабий  кечада ёзувчи ва шоирлар Қурбон Муҳаммадризо,Гавҳар Ибодуллаева, Отабек Исмоилов, Феруза Тангриберганова, Шодиябону Султонова, муаллима Зайнаб Камолова ва бошқалар Улибиби Отаева ҳақида хотираларини ўртоқлашдилар, серқира ижодининг ўзига хос жиҳатлари, инсоний фазилатлари ҳақида гапириб бердилар.
      Меҳмонлар ва мактаб ўқувчилари томонидан ўқилган Улибиби Отаева шеърлари адабий анжуман қатнашчиларига ўзгача завқ бағишлади.