9 – феврал Навоий таваллуд топган кун

          Бугун Хива Ичан Қалъа давлат музей қўриқхонаси илмий ходимлари Зумрад Мейлиева, Бону Ўткирова, Шаҳло Майлиева, Музаффар Машариповлар Хива шаҳар  8 – сон мактабида буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 578 – йиллигига бағишланган “Ғазал мулкининг султони” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этишди.

         Илмий ходимлар томонидан “Навоий ва Хоразм,” “Навоий – шоирларнинг султони” мавзуларида маърузалар ўқилди.  Тадбирда мактабнинг 10 – синф ўқувчилари Навоий ҳаёти ва ижодига оид саҳна кўринишларини тақдим этган бўлса, 11 – синф ўқувчилари “Фарҳод ва Ширин”, “Садди Искандарий” номли достонларидан парчалар келтиришди. Айниқса, “Фарҳод ва Ширин” достонидан Хисрав ва Фарҳоднинг диалог саҳнаси томошабинларда жуда катта қизиқиш уйғотди. 8 – синф ўқувчилари Навоий ғазаллари, рубоийлари ва туюқларидан ифодали ўқишган бўлса, 3 – синф ўқувчиси Алҳофиз Бердиев томонидан Навоий ғазали қўшиқ қилиб жонли ижрода куйланди.

            Музей ходимлари томонидан ўртага ташланган Навоий ижодига доир саволларга тўғри ва аниқ жавоб берган Алишер Навоий роли ижрочиси  Султонов Сардор, Хусайн Бойқаро ролини ижро қилган  Жуманазаров Қўшназарлар - Марҳабо Каримованинг “Навоийни ким ўғирлади” шеърий тўплами билан тақдирландилар. Тадбир давомида мониторда Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди акс этган лавҳалар намойиш қилиниб турилди.  Бошловчи Мухлиса ўзининг сўзамоллиги, ҳозиржавоблиги билан  тадбирни юқори савияда ўтишига катта ҳисса қўшди.  Тадбир якунида мактаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Замира Машарипова тадбир иштирокчиларига ва шу билан бирга адабиёт фани ўқитувчиси Феруза Усмоновага, мусиқа фани ўқитувчиси Рустам Худойбергановларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.