АЖДОДЛАРНИ АРДОҚЛАБ

Мамлакатимизда   буюк аждодларимиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш, уларнинг меросини  ўрганиш ва тарғиб  қилишга  алоҳида эътибор қаратилмоқда .
        Ўзбекистон Республикаси Президентининг  шу йил 16 июлда қабул қилинган “ Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз  Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг тарзда нишонлаш тўғрисида”ги  ПҚ -258 сонли қарорида ҳам ана шу эзгу мақсад йўлидаги  вазифалар белгиланган.
     Қарорда давлат буюртмаси асосида  шоир ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи “ Ажиниёз” тарихий, бадиий- публицистик  фильмини  яратиш ҳам кўзда  тутилган.
      “Қорақалпоқфильм” ижодкорлари томонидан қарор ижросини  таъминлаш бўйича дастлабки ишлар  Ажиниёз Қўсибой ўғлининг талабалик даври ўтган  тарихий манзил – Хива шаҳридан бошланди. Маълумки, туркман шоири Махтумқули, қозоқ  мутафаккири Бекет ота ва бошқа  улуғлар  сингари  Ажиниёз ҳам  Ичан қалъадаги  Шерғозихон мадрасасида таҳсил олган. 
        Таниқли адиб Муратбой Низанов сценарийси асосида тасвирга олинаётган  ушбу фильмдаги шоир сиймоси  истеъдодли актёрлар Армон Бараков ва  Кўпюрсин Алланазаровлар томонидан ижро этилмоқда, --дейди  фильм бош режиссёри Қудрат Отажонов. – Биз тасвир жараёнларини амалга ошираётган  манзилдаги  Шерғозихон мадрасаси, Жомъе масжиди ва  бошқа тарихий обидалар  кўринишлари ҳеч шубҳасиз,  фильм мазмун-моҳиятини батафсил ва  жозибадор тарзда  очиб беришга хизмат қилади.  
     Тасвирга  олиш жараёнларида  киноижодкорларга  Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонаси, Хоразм вилоят қўғирчоқ театри,  Ўзбекистон давлат хореография академияси Хоразм филиали жамоалари ҳамкорлик асосида кўмакдош бўлишмоқда.