Хивада "Рақс сеҳри" халқаро фестивали ўтказилади.

Жорий йилнинг 14—16-сентябр кунлари Хива шаҳри “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ўтказилади. 

Фото: Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати

Унда хорижий давлатлардан ҳамда Ўзбекистоннинг турли нуқталаридан санъаткорлар ўзларининг бадиий чиқишлари билан иштирок этади.

“Рақс сеҳри” халқаро фестивали ўзига хос миллий рақс санъатини дунёга кенг тарғиб қилиш ва арт-туризмни янада ривожлантириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинмоқда.

Бу йилги «Рақс сеҳри» халқаро фестивалида 20 дан ортиқ хорижий давлатдан, шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган бадиий рақс жамоалари, санъаткорлар, олим ва тадқиқотчилар қатнашади.

Шунингдек фестивал доирасида, рақслар ва рақс усталари томонидан турли мастер класслар, ижодий учрашувлар, фолклор гуруҳлар ва ансабллар чиқишлари, анимацион шоулар, саҳналаштирилган томошалар, қўғирчоқ театрлари томошалари, ҳунармандлар кўргазмалари, миллий таомлар ва миллий либослар кўргазмалари, миллий халқ ўйинлари бўйича мусобақалар, тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси ҳамда "Ўзбекистон рақс санъати тарихи" фотокўргазмаси ташкил этилади.