Хоразмнинг дурдона битиклари

Битик барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир.

                                               Амир Темур

           “Ичан - Қалъа” музей қўриқхонаси яна битта экспозиция билан бойитилди. Қўриқхонанинг қоқ марказида жойлашган Матпанобой мадрасасида Хоразмнинг дурдона битиклари деб номланган кўргазма очилди. Бу ерда кишилик жамиятининг энг олий ихтироси – ёзув тарихи билан танишиш мумкин. Мадраса 1909 йилда қурилган, усталари Худойберган ҳожи ва Қаландар қўчим. Кириш эшиги шарқ томонга қараган бўлиб, тепасида араб ёзувида “Муҳаммад Паноҳ 1909 йил” деган сўзлар бор. Кираверишда даҳлиз, шимол томонда дарсхона, жануб томонда масжид вазифасини бажарган хоналарда ноёб ёзувли буюмлар, вақфнома, хон ёрлиқлари, ҳуснихат ва қозихат намуналари намойишга қўйилди.

          Ёзув ва ёзув маданияти тарихи давлатчилик, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ўтмишнинг бевосита узвий қисмидир. Ўрта Осиёдаги халқлар, шу жумладан ўзбек халқи жуда қадим ёзув маданиятига эга халқлардан биридир. Ўрта Осиёда қўлланилган қадимий ёзувлар айрим солнома ва тарихий манбалардагина сақланиб қолган. Ислом кириб келгач, унвонли араб ёзуви ҳам пайдо бўлди. Бу дурдона битиклар  буюмларда, иморатларда, нақш, безак, тарих вазифасини ҳам бажарди. Ёзув пайдо бўлиши билан уни ёзувчи хаттотлар ҳам пайдо бўлган ва айниқса, араб ёзуви тарқалгандан кейин хаттотлик санъат даражасига кўтарилган. Машҳур  хаттотлар хатларининг чиройли ва жозибадор бўлиши учун араб харфларнинг ҳар бирига оро беришига, ҳусн киритишга ва уларни гўзаллаштиришга  ҳаракат қилганлар. Музейга кирган томошабинлар шундай хаттотлардан Муҳаммад Юсуф Девонзода ва Абдулла Болтаевлар ҳақида ҳам маълумот олишлари мумкин.

          Бугунги кунда Хива шаҳрида, хусусан “Ичон-Қалъа” ҳудудида бундай экспозициянинг  мавжуд бўлиши унинг ўтмишдаги алломалар,  хаттотлар, ҳунармандлар, шоир ва ёзувчилар маскани  сифатидаги обрўсини ҳам кўрсатади. Қўлёзмалар тарихни батафсил ўрганишда бевосита ёрдамчи ва ҳақиқий тарихни билиш учун қозихатлар, вақфномалар, ёрлиқлар, китоблар ва мактублар  турли даврлардаги   қизиқарли воқеаларни жонлантириб беради. Бу экспонатларни экспозицияда кўриб, улардан халқимиз ва айниқса ёш авлод онгида миллий ғурур ва ифтихор, истиқлол ва Ватанга садоқат туйғулари  кучаяди, деб умид қиламиз.