МАҚСАД – ФАОЛИЯТНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ

    Миллий маданиятни янада ривожлантириш, анъана ва қадриятимизни улуғлаш, аждодларимиздан бизгача етиб келган моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини асраб-авайлаш, тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб вазифаси, давр талабидир.

     Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 26-май куни қабул қилинган  “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш” чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармонида ҳам алоҳида таъкидланган.

     Фармонда маданият соҳасининг бошқа йўналишлари қатори музейлар фаолиятини замон талаблари даражасида янада такомиллаштириш бўйича ҳам вазифалар белгилаб берилган.

      Хива Ичон-Қалъа Давлат музей-қўриқхонаси жамоаси томонидан Фармонни ўқиб ўрганиш, унинг ижросини таъминлаш, музейлар фаолиятини бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган даражага кўтариш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

      Шу муносабат билан бўлиб ўтган йиғилишда музей ходимлари олдида турган муҳим вазифалар атрофлича муҳокама этилди, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар режалаштириб олинди. Музей-қўриқхона директори Ш.Матяқубов шу юзадан фикр-мулохазаларни билдирар экан, хар бир ходим маъсулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ижодий изланиш асосида фаоллигини ошириши, ташаббускорлик кўрсатиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

       Мавжуд  экспозицияларни янгилаш, илмий-ижодий изланишлар, тадқиқотлар асосида уларни янги осори-атиқалар билан бойитиш экспонатларни сақлаш ҳам тарғиб қилишда мукаммалликка эришиш шулар жумласидандир.

      Бу борадаги фаолиятни назорат қилиш ва тажрибаларни ўртоқлашиш мақсадида ҳар ҳафта бўлим ҳамда экспозицияларда кўчма кенгашлар ўтказиш йўлга қўйилди.

     Галдаги ана шундай кенгаш  “Хоразмнинг дурдона битиклари” доимий экспозициясида бўлиб ўтди. У Ичон-Қалъа марказида 1909 йилда бунёд этилган тарихий ёдгорлик –Муҳаммад Паноҳбой мадрасасида жойлашган. Экспозицияда Авесто замонидан тортиб яқин ўтмиш даврларидаги ҳайвон териси, мармартошлар, ёғоч эшик ва устунлар, саполдан ишланган маҳсулотлар, қоғозлар ва матоларга битилган ёзувлар қўл ёзмалардан  иборат  80 дан зиёд нодир экспонатлар намойиш этилмоқда.

      Қадимги Хоразм ва арабча  ёзувнинг кўфий, райҳоний, сулс, насҳ, настаълиқ ва бошқа услубларидаги бу битиклар ҳамда улар муҳрланган ашёлар сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади. Зеро,уларни қоғоздан ташқари тош, сапол, кошин ва ёғочларга муҳрлаган уста ҳаттотлар маҳоратига қойил қолмай илож  йўқ.

      Бўлим ходимлари томонидан экспозицияни янги экспонатлар билан бойитиш, араб ёзувининг 9 хил услубидаги битикларни намойишга қўйиш, қўшимча 3та хужрада янги экспонатлар ҳисобига кўргазма ташкил қилиш, хужраларнинг бирида хушхат хаттот, шоир Комил Девоний ижодий фаолиятига бағишланган янги  кўргазма ташкил этиш ва хозирги кундаги хаттоларни ижод намуналари билан бойитиш бўйича иш олиб борилмоқда.

       Шунингдек, вилоят архиви билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Архив фондида сақланаётган ХIХ аср охири, ХХ аср бошларидаги Хоразм хонлиги ва ундан кейинги даврларга оид нодир қўлёзма ва ҳужжатлардан иборат кўргазмалар яратиш ҳам режалаштирилган.

       Сайёр кенгашлар давомида музей  бўлимларидаги аҳвол атрофлича ўрганилиб, тажрибалар баҳам кўрилиб, янги марралар белгиланмоқда.

        Мақсад битта. У ҳам бўлса музейлар фаолиятини ҳар жиҳатдан такомиллаштириш: илмий-тўплов ишларини, излаб топилган осори атиқаларни илмий ўрганиш, сифатли сақлаш ва намойиш қилиш хизматларини сифатини яхшилаш. Шу асосда музей-шаҳарга ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижлик сайёхлар сонини янада оширишдан иборат.

         Пировард натижа эса - халқимизга маънавий озуқа улашиш, сайёхликни янада ривожлантириш, мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, халқ фаравонлигини юксалтиришга хизмат қилади.