Миноралар – буюклик рамзи

Мустақиллик йилларида юртимизнинг тарихий обидаларини  асраб -авайлаш, таъмирлаш, қадриятларимизни тиклаш, уларни келажак авлодга бус-бутун етказиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Асрлар оша Ватанимиз кўрки ва мулки бўлиб келган бундай қадимий ёдгорликлар орасида Хоразм минораларининг алоҳида ўрни бор.

 Юртимиз қиёфасини кўкка бўй чўзиб турган бу минораларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Хоразм минораларининг ҳар бири меъморий ечимига кўра такрорланмас ва бир-бирига ўхшамаслиги билан ажралиб туради. Ҳар бир минора танланган жойига ва ёндош архетектура мажмуаларига мослаб қурилган.

Минора сўзи араб тилидаги «манара» сўзидан олинган бўлиб, маёқ маъносини билдиради. Маълумки, қадимда Буюк Ипак Йўлидаги саҳро ва қумларнинг ичидан ўтадиган карвонлар учун қўналға ва сув манбаалари бўлмиш сардобаларни белгилаш учун миноралар қурилган. Кейинчалик миноралардан кишиларни азон айтиб намозга чорлаш учун ҳам фойдаланила бошланган. Шунинг учун ҳар бир масжид ёки мадраса ёнида албатта минора қурилган. Миноралар шаҳарларнинг безаги ва ҳукмдорларнинг куч-қудратининг намойиши сифатида ҳам бунёд этилган.

Маълумотларга кўра, қадимда Хива худудида 80 тага яқин минора бўлган. Бугун Хива бағридаги 15 та минора шаҳарга ажиб кўрку улуғворлик бахш этиб турибди. Жоме масжиди, Бикажон бика, Тўра мурод тўра, Полвон қорий, Абдол бобо ва бошқа миноралар шулар жумласидандир. Айниқса, Хивадаги қурилиши ниҳоясига етказилмаган Муҳаммад Аминхон минораси жаҳонда ягона бўлиб, нафислиги, ҳашамати, геометрик уйғунлиги билан кишини ҳайратга солади.

Ҳозирда Хива шаҳрида 64 та мадраса мавжуд бўлиб, шулар ичида энг йириги ва чиройлиси Муҳаммад Аминхон томонидан қурилган мадраса ҳисобланади. Бу меъморчилик обидаси ўз даврига хос услубда энг катта ва ҳашаматли қилиб барпо этилган. Мадраса пишиқ ғиштдан қурилиб, унинг деворларининг қалинлиги 1,5 метрга етади. Мадраса 2 қаватли, 130 ҳужрадан иборат. Тарихий маълумотларга қараганда унда бир вақтнинг ўзида 260 нафар талаба таҳсил олган. Мадраса ва унинг ёнидаги минора 1851-55 йили Муҳаммад Аминхон топшириғига биноан, Уста Абдулла жин тамонидан қурилган. Мазкур миноранинг қурилиши маълум сабабларга кўра тугалланмай қолган. Ҳали битмаган минорани шоирлар “Фалак айвонига қўйилган устундек” деб тарифлашган.

Бу минора кесик конус шаклида бўлиб, ҳозирда ҳам ҳайбатли кўринишга эга. Динамик қисқаришига қараб хулоса қилинса, битганидан сўнг унинг баландлиги 100 метрга етиши, Ўрта Осиёда энг катта ва баланд минора бўлиши мумкин эди. Минорага тушган инсоляция (қуёш нурларини тушуши ва синиши)га қарайдиган бўлсак, минорадаги кошинларнинг ранги қанча вақт ўтган бўлса ҳам қуёш нуридан ўзгармаган. Худди янги қурилгандай сақланиб турибди. Бу ерда кўпроқ оқ, қизғиш ранглардан фойдаланилган. Унда яхлитлик, уйғунлик сақланган. Минорада асосан геометрик нақшлар (гиреҳ) кўп қўлланилган. Минорага мадрасанинг иккинчи қаватидан ёғоч зинапоя орқали чиқилади. Бу ёғоч зинапоя таъмирланиб турилган. Миноранинг устки қисми 1997 йили Хива шаҳрининг  2500 йиллик тўйи арафасида қайта таъмирдан чиқарилди.Улуғ шоир Огаҳий томонидан форсий тилда битилган ёзув аслига келтирилди. Унинг матни қуйидагича: “Инсон кўнглини хурсанд қиладиган минораи олий бунёд этилди. Унинг монандини ҳали фалак кўзи кўрмаган эди. Шони оламнинг амирлари билан бўлди. У томони айб ва нуқсонлардан пок. Агар одил кўз билан қаралса савр дарахти худди хашакка ўхшаб қолади. Тубо дарахтидан ҳам дил очадиганроқ бўлди. Унинг чиройли кўриниши ер юзини ва осмонни худди жаннатга ўхшатиб юборди. Осмоннинг гардунига бир устун эдики, унинг васфига ақл-идрок камлик қилади. Шу сабабдин Огаҳий унинг қурилиш йилини ёзди. Интиҳоси йўқ фалак устуни 1271-ҳижрий, 1855 мелодий йилда қурилди”.

Минора қуриб битказилмаган бўлсада, шу холатда ҳам ҳайбатли ва чиройлидир. Унга турли рангдаги кошин қопламалардан жило бериб ишланган. Асримиз бошларида уни халқимиз “Улли минор”, “Кўк минор” деб улуғлаган.

Яна бир улуғвор минора 1835 йилда бунёд этилган салобатли Саид Ниёз Шоликорбой масжид минораси бўлиб, унинг баландлиги 29.5 метр, пастки қисмидан то юқорисигача кошин ишлатилмасдан ғиштнинг ўзига безаклар берилиб, юксак маҳорат билан бунёд этилган. Минорага қараб туриб, қадимда хоразмлик меъморлар нафақат уста қурувчи, балки математика, геометрия сохасида хам жуда катта билимга эга бўлганлигига амин бўласиз. Чунки меъморлар оддий ғиштни геометрик пропорцияларга асосан териб, бетакрор нақшлар ясаб, бу ишни санъат даражасига кўтараолганлар. Ушбу миноранинг ниҳоятда кўп машаққатли меҳнат сарфланган карнизини ишлашдаги аниқлик, гўзаллик ниҳоятда мўъжизадир. Бу минора ўзининг маҳобати билан буюклик тимсоли бўлиб турибди. Ушбу обида шу жиҳатлари билан ҳам ниҳоятда қадрлидир.  

Қуёшнинг оловранг нурлари кошинларида товланиб, кўзни қамаштириб, кишини ҳаяжонга соладиган яна бир бебаҳо обида 1908-1910 йилларда Паҳлавон Маҳмуд мақбараси яқинида қурилган Ислом Хўжа мадрасаси ва минорасидир.

 Минора мадраса билан бир вақтда қурилган бўлиб, миноранинг баландлиги 56,5 метр, пастки қисмининг диаметри 9 метр. Минора қурилишида қадимги усталарнинг меъморчилик услубидан  фойдаланилган. Миноранинг юқори қисми тепага қараб кичрайиб, тепаси бежирим карниз ва қуббали фонус билан тугалланган. Фонус юзаси турли шаклдаги сопол-ғиштчалар билан ҳошияланган бўлиб, уларнинг ораси эса ранг-баранг сиркор кошинлар билан тўлдирилган. Фонус ва карниз яшил-зангори, ложувард (мовий) ва оқ рангдаги сиркор ғиштчалар билан қопланган. Шунинг учун ҳам миноранинг юқори қисми алоҳида ажралиб туради. Сиркор безакли ҳошиялар миноранинг конус шаклидаги танасини бир неча жойидан ҳалқасимон шакилда безаб турибди. Шуларни ҳисобга олган қариялар “Хўжанинг минорасида тўрт фасл ва ўн икки ойнинг безаги бор”, деб айтадилар.

Миноранинг қурилиши муносабати билан шоир Ниёзий 48-мисралик шеърий тарих битган, худди  шундай 47 мисралик шеърий тарих мадраса қурилиши учун ҳам битилган. Бу тарихлар мармарга уста Худайберган Девон томонидан ўйиб ёзилган ва мадраса эшиги устига ва минорага ўрнатилган.

Хивага душман ҳужум қилганида минора тепасидан душманнинг ҳаракатлари кузатилиб турилган, қолверса, муаззинлар минорадан туриб одамларни намозга чорлашган.   Миноранинг тепасига ўрнатилган 2,5 метрлик  қубба патал (бронза, латун ва мис аралашмаси) деган металлдан ишланган бўлиб, қубба маълум бир вақтгача тилладек ялтираб турган. Минора куббаси Хива шаҳрининг 2500 йиллик тўйи арафасида қайта таъмирланиб, тилла қатлам билан қопланди.

Хоразм миноралари мустаҳкамлиги, баландлиги, ўзига хослиги, гўзаллиги билан сайёҳлар дилида ҳайрат уйғотиб келмоқда. Улар ўтмишнинг кўплаб воқеаларига гувоҳ бўлиб, вақт синовларидан омон ўтиб, ота боболаримизнинг меъморчилик бобидаги буюк салоҳиятидан, ақл-идрокидан гувоҳлик бериб туришибди. Ушбу осмонўпар миноралар келажакда хам узоқ йиллар авлодларимизга ўтмишдан ҳикоялар сўзлаб, уларнинг кўзини кувонтираверади.