Наврўз айёмида туғилган - шох ва шоир

          Умрлар бўладики, чақмоқ каби зулматга мунавварлик тарқатади, инсонлар қалбида келажакка умид машъалини порлатади, лекин мустақил бўлмаган юрт фарзандлари хеч қачон рўшнолик кўрмаган. Халқимиз мустақилликка эришгандан кейин ўлкамизда яшаб ўтган буюк олимлар, алломалар, давлат арбоблари ва ҳалқ қаҳрамонлари улуғланиб уларнинг қилган ишлари келажак авлодларга ибрат бўлиши учун абадийлаштирилди. Шулардан бири Саййид Муҳаммад Раҳимхон Баҳодирхони соний – Феруздир

          Хива хонлари тарихида энг узоқ давр – 47 йил ҳукмронлик қилган адолатпешалиги, маърифатпарварлиги билан тарихда  ўчмас из қолдирган.

          Бобожон тўра Хива хони Сайид Муҳаммад оиласида 1845 йилда таваллуд топади. У бошланғич маълумотни хусусий муаллимдан олади. Бироз муддат мадрасада таҳсил кўради, кейин эса унга шахсан Огаҳийни ўзи устозлик қилади. Унга шеърият сирларидан, тарихдан ва асосан таржима илмидан сабоқ беради. 1864 йилнинг 22 сентябрида Бобожон тўра 19 ёшида отаси Сайид Муҳаммадхоннинг вафотидан кейин отаси ўрнига Хива хони тахтига ўтиради ва Муҳаммад Раҳимхон II номи ила фармонлар чиқара бошлайди. Муҳаммад Раҳимхон II адабиётга ёшлигидан ҳавас қўяди. Алишер Навоий, Мунис, Огаҳий, Низомий, Ганжавий сингари шоирларнинг асарларини қунт билан ўрганиб ўзи ҳам уларга эргашиб шеърлар бита бошлайди. У шеърларида ўзига “Феруз” (ғолиб, бахтли, саодатли) тахаллусини танлайди. Феруз билан бир даврда яшаб ижод қилган олимлар ва ижод аҳли фуқаропарвар, адолатли ва раҳмдил ҳукмдорлардан бири сифатида талқин қиладилар.

          Феруз ўз даврида ижод аҳли билан бирга оддий халқни ҳам қайғуриб, уларга енгиллик яратиш илинжида яшади ва шунга эришди ҳам.

          1874 йилда хоннинг буйруғи билан Эрондан Хивага китоб босиш ускуналари билан Иброҳим Султон шартнома асосида чақириб олинди. У Хивада, Ўрта Осиёда биринчи босмахона тош босма-литографияни йўлга қўйди. Унга шогирд тушган хивалик Отажон Обдол ўғли тезликда бу санъат сирларини ўрганиб, Хива китоб босмахонасига асос солдилар.

          1884 йилда Хива хонлигига келтирилган меннонит немис хўжаликлари Хивага Европа маданиятини олиб келдилар. Хиваликлар “Панор бува” деб ном қўйган Вильгелм Пеннердан Худойберган Девонов фото-кино санъатини ўрганиб, Ўрта Осиё кино санъатига асос солди. Х. Девоновнинг хизматлари туфайли шу давр кишилари, ёдгорликларининг фото тасвири, кино лавҳалари бизгача етиб келди.

          Комил Хоразмий устоздан шогирдга оғзаки ўргатилиб келинаётган мусиқа санъатига нота яратди ва эндиликда басталанган куй қоғозга ёзилиб, умри абадий бўлди. Хоразм олти ярим мақоми тўлдирилиб, танбур чизиғига жойлаб ноталаштирилди.

          Муҳаммад Раҳимхоннинг 1898 йил 12 апрелдаги фармони билан хонлик ҳудудларида қадимдан қолган музейбоп буюмлар тўплана бошланди. Хоннинг вилоят ҳокимларига юборган буйруғи шундай эди: - “Қадимдан қолғон ёдгор нимарсаларни йўқ қилдурмасунлар, ҳар бир тариқа кўҳна жой ва қалъа ва иморатлар бўлса не тариқа бино бўлғонларини ва кўҳна тилла ва танга ва фуллар бўлса борлаб топиб мунда юборсинлар”.

          Хоразм осори атиқалари1890 йилда Тошкентда, 1895 йилда Нижний Новгород Бутунроссия кўргазмасида, 1900 йилда Парижда, 1904 йилда Американинг Миссурий штатининг Олои шаҳрида ўтган халқаро кўргазмаларда намойиш қилинди.

          Муҳаммад Раҳимхон II – Феруз 1910 йилда 66 ёшида вафот этган.

          Муҳаммад Раҳимхон II – Феруздан 6 ўғил ёдгор қолди уларнинг исмлари: Асқар, Мадиёр, Саййид Абдулло, Исфандиёр, Ибодулло, Муҳаммад Юсуф тўралар.Муҳаммад Раҳимхон II вафотидан кейин иккита ўғлига хонлик тахтига ўтириш насиб қилган. Исфандиёрхон (1910-1918 йилларда хонлик қилган) ва Сайид Абдуллахон (1918-1920).

          Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки XIX аср охири – XX аср бошларида Хоразм ижтимоий-сиёсий,  маданий ҳаётининг тараққиётида Муҳаммад Раҳимхон соний - Ферузнинг хизматлари катта. Бу даврда хонликда кўп қурилишлар амалга оширилди. Мадраса, масжид, миноралар қаторида почта, телеграф, касалхона, босмахона, рус-тузем мактаби қурилди, савдо-сотиқнинг ривожланиши учун шароит яратилди. Сарой атрофида қирқдан ортиқ шоир, ёзувчи, таржимон ва хаттот бадиий адабиёт билан машғул бўлиб, юзлаб баёз, девон, тарихий, таржима асарлар яратилди. Адабиёт ва санъат тараққий этди.

         1994 йилда ўтказилган Муҳаммад Раҳимхон II таваллудининг 150 йиллик юбилейи олдидан ўзи қурдирган мадраса қайта таъмирланиб, унда “Хива хонлиги тарихи” музейи очилди.

          Феруз таваллудининг 175 йиллиги муносабати билан музей – қўриқхонада, шу жумладан “Хива хонлиги тарихи” бўлимида сайёҳлар, ўқувчи ва талаба ёшлар иштирокида тарих мавзусида шунингдек феруз ижодига бағишлаб маънавий – маърифий тадбирлар, мулоқотлар ўтказилмоқда. Яқинда бўлиб ўтган ана шундай мулоқотда Хива шаҳридаги 10, 9, 17 – сон умумтаълим мактаблари ўқитувчи, ўқувчилари ва сайёҳлар иштирок этишди.Тадбирда “Ичан - Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси илмий  котиби, тарихчи олим, тарих фанлар номзоди Комилжон Худойберганов, Хива шахар 10 – сон умумтаълим мактаби директори, адабиётшунос, тарихчи Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси Давлатёр Раҳимов, шоир ва журналист, адабиётшунос, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзози Отабек Исмоиловлар Феруз хаёти ва ижоди тўғрисида гапириб бердилар. Хива шахридаги 10 – сон мактаб ўқувчилари Феруз ғазалларидан баҳру-байт айтишиб сахна кўринишлари намойиш этишди. Шунингдек тадбир давомида Муҳаммад Раҳимхон соний – Феруз хаёти ижоди ёритилган китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир иштирокчилари тарих музейи билан ҳам яқиндан танишдилар.