Таассуротли тадбир

          Бу йил ўзбек мумтоз адабиётининг улкан намояндаси, шоир, тарихнавис, таржимон ва давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудига 210 йил тўлади. Ушбу қутлуғ санага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида айни кунларда қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

          "Ичон-Қалъа" давлат музей қўриқхонаси тамонидан - шоир яшаган эски қиёт қишлоғида Огаҳий уй музейи қайта таъмирланиб, нодир экспонатлар билан бойитилмоқда. Шоир номидаги боғ ободонлаштирилиб, шу ҳудудда Огаҳий номидаги иқтидорли болалар учун махсус мактаб қад ростламоқда.

           Шунингдек жойларда шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган маданий – маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

           Шу йил 1 август куни Хива “Ичан – Қалъа” Давлат музей қўриқхонасида бўлиб ўтган илмий – маърифий, адабий тадбирда тарихчи, адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, музей илмий ходимлари, маҳаллий сайёҳлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этдилар.

           Тадбирда УрДУ ўқитувчиси, филология фанлари доктори Абдулла Ўрозбоев, ёзувчи ва шоирлар Қўзи Давлат, Отабек Исмоилов, Шухрат Маткаримов, “Нуроний” жамғармаси шахар бўлими раиси Отаназар Пирназаров, Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, тарихнавис Давлатёр Рахим ва бошқалар Огаҳий ҳаёти ва ижодининг муҳим жиҳатлари, меросининг ўрганилиши, хотирасини абадийлаштириш бўйича қилинган ишлар ҳақида гапирдилар. Тадбир давомида Огаҳий шеърларидан намуналар ўқилди.

           Ўзаро мулоқот, савол – жавоб асосида ўтган тадбир давомида музей қўриқхона ходимларидан Муяссар Саидова, Зайнаб Бекчанова, Фурқат Рахимов ва бошқалар фикр мулохазалари билан қатнашдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

           Илмий – маърифий кеча давомида иштирокчилар буюк бобокалонимиз ҳаёти, бой адабий, илмий мероси ҳақида қимматли маълумотларга, завқ – шавққа тўла таассуротларга эга бўлишди.